18 май – Халқаро музейлар куни

 

Мазкур сана 1977 йилдан бери нишонлаб келинади. Бугун пойтахтдаги барча музейларда «Очиқ эшиклар куни» ўтказил, ўнлаб янги кўргазмалар очилди. “Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси ходимлари ҳам халқимизнинг тарихий, илмий-маданий ва маънавий қадриятларидан яқиндан хабардор бўлиш мақсадида Ўзбекистон Давлат санъат музейи ва Тошкент Политехника музейига ташриф буюришди.

Ўзбекистон Давлат санъат музейи экспозициясидан Ўзбекистоннинг антик ва ўрта аср санъатига оид меъморий безаклар, кашталар, гиламлар, матолар, заргарлик санъати намуналари жой олган. Тасвирий санъат экспозицияси миллий график тасвирий санъат ривожининг бир асрдан ортиқ тарихга эга шаклланиши ҳамда ривожланишининг машаққатли ва бетакрор йўлини кўрсатиб берган. Бу ерда бронза, чинни, фил суяги, ёғоч ўймакорлиги, мусиқа чолғу асбоблари, гиламлар ва бошқа буюмлар коллекциясини кўриш мумкин.  

Ўзининг йўналишида Ўрта Осиёда ягона бўлган Тошкент Политехника музейи инспекция ходимларида унутилмас таассуротлар қолдиргани аниқ. Бу ерда  жаҳон ва Ўзбекистон автомобилсозлик тарихи, турли йиллар мобайнида «General Motors Uzbekistan» конвееридан чиққан биринчи ўзбек автомобиллари жой олган. Улар орасида автомобилнинг олд қисмига туширилган Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг дастхати алоҳида ўрин тутади.   Шунингдек, турли йилларда ишлаб чиқилган  «Фолксваген», «Москвич-400», ГАЗ-13, ГАЗ–21, «Чайка» ва бошқа русумдаги автомбилларни кўриш мумкин.

“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси
Ахборот хизмати