Бир гуруҳ ходимлар тақдирланди!
9 май умумхалқ байрами — Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан мамлакатимиз бўйлаб маданий тадбирлар давом этмоқда. “Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси ва Ўзбекистон “Ветеран” жангчи фахрий ва ногиронлари бирлашмаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда бугунги кунда инспекцияда фаолият юритиб келаётган ва ўз вақтида Афғон урушида қатнашган ходимлар тақдирланди.
Таъкидланишича, Афғон урушида 65 минг нафар ўзбек йигитлари қатнашиб, 1500 нафардан кўпроғи ҳалок бўлган. Аксарияти оғир жароҳатлари билан ортга қайтишган. Бирлашма раиси Талъат Муродов сўзга чиқиб, Афғонистон ҳамда бошқа чегараланган ҳудудлардаги ҳарбий ҳаракатларда иштирок этган, Ўзбекистон жангчи-фахрийлари, уруш ногиронлари ва ҳалок бўлган жангчиларнинг матонати ҳақида сўзлаб, уларнинг қаҳрамонликларини ҳар доим ёдда сақлаш ҳар бир ватандошимизнинг инсоний бурчи эканлигини таъкидлаб ўтди.
Афғон урушида қатнашган инспекция ходимлари Комил Исмаилов ва Рауф Исроиловларга Ўзбекистон “Ветеран” жангчи фахрий ва ногиронлари бирлашмасининг медаллари тантанали равишда топширилди. Шунингдек, оилада маънавий-ахлоқий муҳитни мустаҳкамлаш, фарзандларини Ватанга муҳаббат ва садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида, соғлом ва баркамол этиб тарбиялаш йўлидаги самарали меҳнати билан ташаббус ва ибрат кўрсатиб келаётгани учун Феруза Кенжаева “Вафо ва садоқат учун” медали билан тақдирланди.
“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси
Ахборот хизмати