Профилактика давомида манзилли ҳуқуқий-тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда

 

Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш бўйича “Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси томонидан тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Инспекция ўзининг соҳа фаолиятига тегишли бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ҳудудларда тарғибот қилиб, корхона ва ташкилотларда, темир йўл ўтган ҳудудларда яқин масофада истиқомат қилувчи аҳоли ўртасида уларнинг мазмун-моҳиятини тушунтириб боради.

Оролбўйи ҳудудий филиали бош инспекторлари томонидан “Темир йўлларда юк ва йўловчилар ташиш хавфсизлигининг таъминлаш, темир йўллардан уй ҳайвонларини олиб ўтиш ва темир йўл кесишмаларидан автотранспортда кесиб ўтиш қоидалари” мавзусида “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти “Қўнғирот минтақавий темир йўл узели” унитар корхонаси ҳудудида жойлашган тадбиркорлик субъектларида, корхоналарда ва таълим муассасаларида профилактика тадбирлари олиб борилмоқда.

Жумладан, Қўнғирот туманидаги 2-сонли умумий ўрта таълим мактабида манзилли ҳуқуқий-тарғибот тадбири ўтказилди. Унда темир йўллардан кесиб ўтишда белгиланган талаблар, барча риоя қилиш лозим бўлган қоидалар ҳақида сўз юритилди. Шунингдек, тегишли қоидаларга амал қилмаслик оқибатлари ва жавобгарлик турлари ҳаётий мисоллар ёрдамида тушунтирилди. Иштирокчилар томонидан берилган темир йўл соҳаси билан боғлиқ саволларга батафсил жавоб берилди.

 “Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси
Ахборот хизмати