Апрель ойи учун назорат тадбирлари режаси тасдиқланди

«Ўзтемирйўлназорат» инспекциясининг апрель ойи учун назорат ва профилактик тадбирлар режаси тасдиқланди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 15 сентябрдаги “Тадбиркорлик субъектлари учун маъмурий ва солиқ юкини янада камайтириш, бизнеснинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 6314-сон Фармонига асосан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширувларни ўтказишга қонунбузилишларга йўл қўйилишини олдини олиш мақсадида профилактика тадбирлари белгиланган тартибда ўтказилгандан сўнг амалга оширилади.

Шунга мувофиқ,  жорий ой давомида 150 та профилактик тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган. Тадбирлар давомида темир йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, эҳтимолий хавфларни олдини олиш ва темир йўл ходимларини билимларини мустаҳкамлашга алоҳида урғу берилади.  

Апрель ойида инспекция томонидан фаолияти темир йўл билан боғлиқ бўлган 19 та корхонада назорат тадбирлари ўтказилади. Инспекциянинг марказий аппарати ходимлари "Олмалиқ кон-металлургия комбинати" акциядорлик жамиятини текширишса, филиаллар ўз ҳудудларидаги корхоналарда назорат тадбирларини ўтказишади. Текширишлар якунига кўра ҳаракат хавфсизлигига хавф солувчи камчиликлар аниқланганда камчиликларни бартараф этиш мақсадида бажарилиши мажбурий бўлган тегишли кўрсатма киритилади. Амалга оширилган ишлар бўйича расмий саҳифаларимиз орқали хабардор бўлиб боришингиз мумкин.   

“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси
Ахборот хизмати