2021 йил сарҳисоби

 

“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси томонидан 2021 йилда темир йўл транспортида ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш борасида тасдиқланган режага мувофиқ назорат ва профилактик тадбирлар амалга оширилди. Жумладан, фаолияти темир йўл транспорти билан боғлиқ бўлган юридик шахслар томонидан темир йўлларда юк ва йўловчилар ташиш хавфсизлигини таъминлаш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига риоя этилишини назорат қилиш (ПФ-5490 бўйича текширувлар) бўйича “Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси томонидан 2021 йилнинг 12 ойида 235 та
(2020 йилнинг шу даврида 89 та (+146)) текширувлар амалга оширилган.

Текширувлар жараёнида темир йўл соҳасида юк ва йўловчи ташиш хавфсизлигини таъминлаш бўйича темир йўлдан фойдаланиш қоидалари ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талаблари бузилганлиги юзасидан жами
13 191 та
(2020 йил 7 878 та (+5 313)) камчилик аниқланган бўлиб, шундан хавфсизликка таҳдид солувчи камчиликлар 4520 тани (2020 йил 3020 та (+1 500)) ташкил этади.

Текшириш натижалари бўйича аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан тадбиркорлик субъектларига тақиқловчи чораларни белгиловчи кўрсатмалар берилган.

Бундан ташқари, 2021 йилнинг 12 ойи давомида ўтказилган текширувларда тадбиркорлик субъектларида лицензия мавжудлиги
текширилган, текширувларда 29 та тадбиркорлик субъектида лицензия мавжуд эмаслиги аниқланган.

2021 йилнинг 12 ойи давомида Инспекция томонидан берилган кўрсатмалардаги 4520 та камчиликдан 4310 та камчиликлар бартараф этилиши таъминланган.

Инспекция томонидан аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан берилган кўрсатмаларга асосан корхона ва ташкилотларнинг шохобча темир йўлларида (“Ўзбекистон темир йўллари” АЖдан ташқари) қуйидаги ўзгариш ва ижобий натижаларга эришилган:

54,3 км темир йўл капитал таъмирланган;

237 комплект стрелкали ўтказгичлар алмаштирилган;

816 дона капитал вагон таъмирланган;

296 дона янги вагон харид қилинган;

92 дона локомотив капитал таъмирланган;

9 дона локомотив харид қилинган;

132 825 дона шпал ва 113,9км рельс алмаштирилган.

Инспекция кўрсатмаси билан темир йўл транспорти билан боғлиқ ходимларнинг малакаси мунтазам равишда ошириб келинмоқда. 2021 йилнинг 12 ойи давомида 146 нафар ходимни билимлари қайта синовдан ўтказилиши учун навбатдан ташқари аттестацияга юбориш бўйича кўрсатма берилган.

Темир йўл транспорти корхоналари ва ташкилотлари томонидан темир йўлларда поездлар ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга ва темир йўлда ташишлар хавфсизлигини таъминлайдиган техник воситаларнинг ишончлилигини оширишга қаратилган комплекс профилактика чора-тадбирларини амалга ошириш бўйича 2021 йилнинг 12 ойи давомида Инспекция томонидан темир йўл транспорти хавфсизлигини таъминлаш ва техник воситаларнинг ишончлилигини оширишга қаратилган 5 355 та (2020 йилнинг шу даврида 3910 та(+1445)) профилактика тадбирлари ўтказилган.

Профилактика тадбирларида жами 30256 нафар (2020 йил 20720 нафар (+9536)) темир йўл ташувлари билан бевосита боғлиқ ишчи ходимлар иштирок этган ва улар билан тушунтириш ишлари олиб борилган.

Темир йўлларда ташишлар хавфсизлигини таъминлашга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ҳамда уларни такомиллаштиришга доир таклифлар киритиш бўйича 2021 йилнинг 12 ойи давомида Инспекция томонидан жами 6 та темир йўлларда ташишлар хавфсизлигини таъминлашга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш режалаштирилган бўлиб, амалда 11 та (2020 йилнинг шу даврида  5 та (+6)) темир йўл транспортида хавфсизликни таъминлашга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар ишлаб чиқилган.

Шу жумладан, мавжуд муаммоли масалаларни бартараф этиш бўйича инспекция томонидан қуйидаги ишлар амалга оширилди:

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексни “Ўзтемирйўлназорат” инспекциясига маъмурий таъсир чорасини қўллаш ҳуқуқини берувчи янги модда билан тўлдириш мақсадида Инспекция томонидан “Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексга қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳасини ишлаб чиқилди;

Инспекцияни ички идоравий технологик ташишларни амалга оширишга мўлжалланган идорага мансуб шохобча темир йўллар ва ҳаракатдаги темир йўл таркибини давлат рўйхатидан ўтказиш орқали ҳисобга олиш ва давлат реестрини юритиш бўйича ягона ваколатли орган этиб белгилашни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ““Темир йўл транспорти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунини амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Мазкур Қонун ва қарор лойиҳалари бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритилган.

“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси
Ахборот хизмати