Лотин алифбосига қачон ўтилади?

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига босқичма-босқич тўлиқ ўтишни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида” қарорига мувофиқ 2023 йил 1 январдан бошлаб Давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида иш юритишга тўлиқ ўтишини таъминлаш белгиланган. Мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида “Ўзтемирйўлназорат” инспекциясида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Марказий аппарат ва филиал ходимлари режа асосида Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузуридаги Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш марказида ташкил этилган курсларда қатнашиб, билимларини мустаҳкамлашмоқда. Шунингдек, семинарлар, давра суҳбатлари орқали ўзлаштирилган билим ва малакалар мунтазам бойитиб бориляпти. Бунда назарий билимларни амалиётда тўғри қўллашга алоҳида эътибор қаратилган.

Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида кўзда тутилган муҳим жиҳатларни ўзида қамраб олган тақдимот кўринишидаги методик қўлланма Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги томонидан ишлаб чиқилди. Давлат тилида иш юритиш ва лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбоси имло қоидаларини вазирлик марказий аппарати ва тизим ташкилотлари ходимлари эътиборига етказиш мақсадида онлайн семинар ташкил этилди. Унда мазкур қўлланма мазмун-моҳияти батафсил тушунтирилди. Тутуқ белгиси қўлланиши, кирил ва лотин ёзувидаги айрим сўзларнинг ёзилиш ўртасидаги фарқли жиҳатлар, тиниш белгилари, “ц” ҳарфи мавжуд сўзларни тўғри ёзиш қоидалари каби кўплаб ҳолатлар юзасидан тегишли тавсиялар берилди. Семинар иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олишди.

“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси
Ахборот хизмати