Идоралараро комиссиянинг сайёр йиғилиши бўлиб ўтди
Идоралараро комиссиянинг навбатдаги йиғилиши муқаддам қабул қилинган қарорларининг танқидий муҳокамаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазири томонидан тасдиқланган юқори тезликдаги темир йўл участкаларида ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, ҳудудларни ободонлаштириш, шаҳарсозлик талабларига мувофиқлаштириш бўйича чора-тадбирлар режасида белгиланган топшириқларнинг ижросига бағишланди.
“Афросиёб” электропоезди машинистлари томонидан Машинистларни камчиликларни қайд этиш китобида кўрсатилган камчиликларни ўз вақтида сифатли бартараф этиш юзасидан декабрь ойи давомида амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилинганда, бир қатор камчиликлар мавжудлиги маълум бўлди.
Жумладан, Юқори тезликда ҳаракатланиш темир йўл участкаси икки тарафи сим ва панжара тўсиқлар билан ўралган бўлсада, ҳанузгача темир йўл ҳудудига чорва моллари кираётганлиги аниқланган. 2021 йил 10 декабрь куни Рахимов станциясига киришда бир бош чорва қўй уриб кетилган.
Худди шундай, 2021 йил 3 декабрь куни Зиёвуддин-Навоий перегони 3864 км пк 6 да, 4 декабрь куни Янгийўл станциясида, 6 декабрь куни Сирдарё-Бахт перегони 3461 км. пк 5да йўловчи перегонида бегона шахсларни юрганлиги маълум бўлган.
1 декабрь куни Олмазор-Чиноз перегони 3428 км пк 9-10да темир йўл изларига бегона шахслар томонидан тош қўйиш ҳолатлари кузатилган.
Сайёр йиғилиш давомида кун тартибидаги барча масалалар, шу билан бирга аниқланган камчиликлар юзасидан вазирлик, ҳокимликлар ва ташкилотлар вакилларининг фикр ва мулоҳазалари тингланди.
Тошкент, Сирдарё, Жиззах, Самарқанд, Қашқадарё, Навоий, Бухоро вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимликларига Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси билан ҳамкорликда ҳар бир вилоятлар (туман, шаҳар) кесимида юқори тезликдаги темир йўл участкалари бўйлаб дарахт кўчатларини экиш бўйича чора-тадбирлар белгилаш тавсия этилди.
“Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятига Йўл ўлчагич ва контакт тармоғи параметрларини ўлчовчи лаборатория вагонлари ҳамда “Афросиёб” электропоездлари ҳаракати давомида машинистлар томонидан қайд этилаётган камчиликларни сифатли бартараф этишни таъминлаш вазифаси белгиланди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармасига Юқори тезликда ҳаракатланиш темир йўл участкаларида жойлашган темир йўл кесишмаларида ўтиш қоидаларини бузаётган ҳайдовчиларга нисбатан қатъий чоралар кўриш, қоидабузарликлар кўп маротаба содир этилаётган жойларда рейдларни ўтказиш лозимлиги таъкидланди.
“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси
Ахборот хизмати