Оролбўйи филиалида ўқув семинари ташкил этилди

 

“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси томонидан ҳудудий филиалларида семинарлар давом этмоқда. Тадбирларда “Транспорт тўғрисида”ги қонун ва соҳага доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мазмун-моҳияти батафсил тушунтириляпти. Навбатдаги семинарда Қўнғирот минтақавий темир йўл узели раҳбарлари, ходимлари ҳамда шахобча темир йўлига эга тадбиркорлик субъектлари вакиллари иштирок этишди.

Дастлаб 2021 йил 9 августда қабул қилинган “Транспорт тўғрисида”ги қонун бўйича йиғилганларга маълумот берилди.  Қонунга кўра, автомобиль, ҳаво, темир йўл, сув, электр транспорти, метрополитен ва транспорт инфратузилмаси объектлари Ўзбекистоннинг ягона транспорт тизимини ташкил этади.

Давлат органлари ва мансабдор шахслар транспорт ташкилотларининг хўжалик фаолиятига аралашишга ҳамда улар ходимларини бошқа ишларга жалб этишга ҳақли эмас. Транспорт вазирлиги соҳада махсус ваколатли давлат органи ҳисобланади. Хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган транспортларни Ўзбекистонга олиб кириш, ишлаб чиқариш, сотиш ёки улардан фойдаланиш тақиқланади.

Ваколатли органлар вокзалда, аэровокзалда, аэропортда, метрополитенда ва автостанцияга кириш жойида транспорт воситасини, багажни, юк багажини ва юкни, йўловчиларни ва бошқа шахсларни кўздан кечиришдан ўтказиши мумкин.

Транспорт ташкилотлари ва ташувчилар фаолияти транспорт ҳаракатланиши билан боғлиқ бўлган ҳамда меҳнат шароитлари ўта зарарли ва ўта оғир шароитларда банд бўлган ходимларнинг дастлабки ҳамда даврий тиббий кўриклардан ўтказилишини ташкил этиши шарт.

Шунингдек, темир йўл ва темир йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги норматив ҳужжатлар ва уларнинг амалиётда қўлланиши тушунтирилди. Инспекция томонидан ишлаб чиқилган идоравий ҳужжатлар ва уларда кўзда тутилган янгиликлар бўйича ҳам ахборот берилди. Навбатдаги ўқув семинари Бухоро вилоятида ўтказилиши режалаштирилган.

“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси
Ахборот хизмати