Инспекциянинг Бухоро филиали ходимлари томонидан “Самарқанд нефт маҳсулот қуйиш” масъулияти чекланган жамиятида текширув ўтказилди. Назорат тадбирида ташкилот тасарруфидаги темир йўлларда юк ташишни ташкиллаштириш, техник воситалардан фойдаланиш, таъмирлаш ва уларни ишчи ҳолатда сақлаш ҳолати текширилди.

Мазкур ташкилот шахобча темир йўлида ҳозирги даврга қадар поезд ва манёвр ишларида ҳаракат хавфсизлиги бузилишлари, поездлар ҳалокати, авария, алоҳида нуқсон ҳолатлари, нуқсон ҳолатлари содир бўлмаган. Шунингдек, шахобча темир йўл излари 2019-2020 йиллар давомида дефектоскопия назоратидан ўтказилганлиги аниқланди.

Текшириш давомида жами 17 та камчилик аниқланган бўлиб, уларнинг 7 таси ҳаракат хавфсизлигига хавф солувчи камчиликлар ташкил этади. Жумладан, шахобча темир йўлнинг техник паспорти норматив техник ҳужжатлар ва ҳақиқий ҳолатга тўғри келмаслиги сабабли қайта тузиш талаби қўйилди. Мавжуд 4 тормоз бошмоғининг барчаси тамғаланмаганлиги, ўрнатилган тартибда бўялмаганлиги ва рақамланмаганлиги боис тормоз бошмоқлари эксплуатациядан олиниб, улардан фойдаланиш тақиқланди. Камчиликларни бартараф этиш бўйича инспекция томонидан бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма киритилди.

 “Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси
Ахборот хизмати