Темир йўл кесишмаларида қоидаларга амал қилайлик
“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси томонидан ҳаракат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар белгиланган тартибда олиб борилмоқда. Жорий йилнинг 11 ойи давомида 214 та ташкилотда текшириш ўтказилган бўлиб, уларда 11819 та камчиликлар аниқланган. Текширувлар давомида поездлар ҳаракати хавфсизлигини тартибга солувчи норматив ҳужжатларнинг мавжудлиги, ходимларнинг сифат таркиби масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Текширишлар билан биргаликда “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти, вазирлик ва идораларнинг темир йўлларида поездлар ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга қаратилган 4998 та профилактика тадбирлари ўтказилди. Мазкур тадбирларда 28321 нафар ходим иштирок этди. Ўтказилган профилактика ишлари натижасида темирйўл, ҳаракатдаги таркиб, электр таъминоти, сигнализация ва алоқа қурилмалари ва бошқа техник воситаларидан фойдаланиш ва уларни сақлашда белгиланган меъёрлардан чекланишлар ва турли носозликлар туфайли юзага келган
16054 та камчилик аниқланди ҳамда ушбу камчиликларни бартараф этиш ва такрорламаслик бўйича тушунтириш берилди.
“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси томонидан Тошкент-Самарқанд-Қарши-Китоб, Мароқанд-Бухоро участкаларидаги тезюрар ва юқори тезликдаги йўловчи поездлари ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Юқори тезликдаги Тошкент-Самарқанд-Қарши-Китоб, Мароқанд-Бухоро участкаларида 2021 йилнинг 11 ойи давомида 2569 нафар ходим иштирокидаги 715 та семинар-йиғилиш ва профилактика тадбирлари амалга оширилди.
Автомашина ҳайдовчилари шошмашошарлиги ва қоидаларга бўйсунмай ҳаракатланиши натижасида темир йўл кесишмаларида ҳаракатдаги таркибнинг автомашина билан тўқнашувлари бўйича 43 та ҳолатга йўл қўйилган. Аксарият ҳолатларда автомобиль салонида бўлган фуқаролар жиддий жароҳат олишган, баъзиларининг тақдири фожиали якунланган.
Хулоса ўрнида темир йўл ҳудудида истиқомат қилувчи фуқаролар ҳамда автомашина ҳайдовчиларидан кесишмалардан ўтаётганда қоидаларга амал қилган ҳолда ҳаракатланишлари лозимлигини таъкидлаймиз. Зеро, кичик эътиборсизлигимиз, шошмашошарлигимиз якунда фожиага олиб келишини асло унутмайлик.
“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси
Ахборот хизмати