“Транспорт тўғрисида”ги Қонун мазмун-моҳияти тушунтирилди
“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси томонидан жорий йил 9 август санасида қабул қилинган “Транспорт тўғрисида”ги Қонун мазмун-моҳиятини аҳолига тушунтириш ишлари давом этмоқда. Бугун Қарши минтақавий темир йўл узелида навбатдаги тарғибот тадбири ўтказилди. Унда узел раҳбарияти ва ходимлари, шунингдек, шахобча темир йўлига эга тадбиркорлик субъектлари вакиллари иштирок этишди.
Қонунга кўра, автомобиль, ҳаво, темир йўл, сув, электр транспорти, метрополитен ва транспорт инфратузилмаси объектлари Ўзбекистоннинг ягона транспорт тизимини ташкил этади.
Давлат органлари ва мансабдор шахслар транспорт ташкилотларининг хўжалик фаолиятига аралашишга ҳамда улар ходимларини бошқа ишларга жалб этишга ҳақли эмас.
Транспорт вазирлиги соҳада махсус ваколатли давлат органи ҳисобланади.
Қонунга кўра, транспорт воситалари мувофиқлик ёки транспорт воситаси турини маъқуллаш сертификатига эга бўлиши ва рўйхатдан ўтказилиши керак.
Хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган транспортларни Ўзбекистонга олиб кириш, ишлаб чиқариш, сотиш ёки улардан фойдаланиш тақиқланади.
Ваколатли органлар вокзалда, аэровокзалда, аэропортда, метрополитенда ва автостанцияга кириш жойида транспорт воситасини, багажни, юк багажини ва юкни, йўловчиларни ва бошқа шахсларни кўздан кечиришдан ўтказиши мумкин.
Транспорт ташкилотлари ва ташувчилар фаолияти транспорт ҳаракатланиши билан боғлиқ бўлган ҳамда меҳнат шароитлари ўта зарарли ва ўта оғир шароитларда банд бўлган ходимларнинг дастлабки ҳамда даврий тиббий кўриклардан ўтказилишини ташкил этиши шарт.
Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан 3 ой ўтгач яъни 2021 йил 9 ноябрда кучга кирган.
Семинар давомида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди. Тарғибот тадбирлари Республика бўйлаб давом этмоқда.
“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси
Ахборот хизмати