Инспекцияда “Очиқ эшиклар куни” ўтказилди

Вазирлик ва идораларда 22 ноябрдан – 2 декабрга қадар “Коррупция – ривожланишимизга тўсиқ” 10 кунлиги давом этмоқда. 10 кунлик доирасида жойларда семинарлар, давра суҳбатлари ташкил этилмоқда. Жумладан,  “Ўзтемирйўлназорат” инспекциясида бугун “Очиқ эшиклар куни” ўтказилди. Унда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги масъул ходими Ойбек Абдуғаниев ҳамда инспекция ходимлари иштирок этишди.

Дастлаб, коррупцияга қарши курашиш бўйича масъул шахс Р.Исраилов йиғилганларга инспекцияда коррупцияга қарши курашиш бўйича жорий этилган “комплаенс назорат” тизими ва мазкур тизим тўғрисида батафсил маълумотлар берди. Мазкур тизимнинг тўлақонли ва самарали ишлаши учун қабул қилинган норматив ҳужжатлар ва уларнинг мазмун-моҳиятини тушунтирди. Шунингдек, ҳужжатларнинг амалиётда қўллаш, коррупцияген ҳолатлар гувоҳи бўлганда мурожаат қилиш тартиби ҳақида батафсил ахборот берилди.

О.Абдуғаниев мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида тўхталиб ўтди. Дастлаб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 6 июлдаги ПҚ-5177-сонли “Коррупцияга қарши курашиш фаолиятини самарали ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори мазмун-моҳияти ва унда белгиланган талаблар тўғрисида маълумот берди. Шунингдек, коррупцияни барвақт олдини олишда аниқланган ҳолатларнинг оқибатлари билангина эмас, балки бунга олиб келаётган сабаблар билан кураш муҳимлиги таъкидланди. Давлат идораларида коррупцияни олдини олиш ва бартараф этишда очиқлик шаффофликни таъминлаш, рақамлаштиришни кенг жорий этиш орқали инсон омили билан боғлиқ жараёнларни камайтириш муҳимлиги қайд этилди.

Тадбир савол-жавоблар ҳамда “Коплаенс назорат” тизимини такомиллаштириш юзасидан билдирилган таклиф ва мулоҳазалар билан якунига етди.

“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси
Ахборот хизмати