Инновацион ғоялар-2021 танлови давом этмоқда

Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ва тизим ташкилотларида “Инновацион ғоялар-2021” кўрик-танлови қизғин давом этмоқда. Жумладан, танловнинг саралаш босқичи “Ўзтемирйўлназорат” инспекциясида ҳам юқори даражада ўтказилди.

Мазкур танловда 35 ёшгача бўлган транспорт соҳаси мутахассислари ўзларнинг инновацион ғоялари билан иштирок этишмоқда. Танлов автомобиль транспорти, темир йўл транспорти, ҳаво транспорти ҳамда автомобиль йўл хўжалиги  йўналишларида ўтказилмоқда. Ҳар бир йўналишда дастлаб саралаш босқичлари ўтказилиб, унда ғолибликни қўлга киритган иштирокчилар вазирлик миқёсида ўтказиладиган финал босқичига йўлланма олишади. Танловни ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад ёшларнинг замонавий техника ва технологияларга бўлган қизиқишларини қўллаб-қувватлаш, уларда ижодий тафаккур ва яратувчанлик қобилиятини ривожлантиришдан иборатдир.

Танловнинг инспекция доирасида ўтказилган саралаш босқичида Ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ва ривожлантириш бўлими бошлиғи Шерзод Набиев томонидан тақдим этилган “Хавфни таҳлил этиш ва рақамли назорат ахборот тизими” лойиҳаси комиссия аъзолари томонидан ижобий баҳоланиб, бир овоздан маъқулланди ва кейинги босқичга тавсия этилди. Лойиҳанинг мақсади – “Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси ва унинг ҳудудий филиаллари томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувларнинг ташкилий жиҳатлари ва тартиб-таомилларини комплекс тартибга солиш, инспекция фаолиятининг шаффофлигини таъминлаш ва ўтказиладиган текширувларнинг асослилигини холис баҳолаш имконини яратиш. “Текширувларни электрон рўйхатга олиш” ягона тизимида рўйхатдан ўтказиб, ваколатли орган рухсати билан ўтказиладиган текширувлар учун «Хавфни таҳлил этиш ва рақамли назорат» тизими асосида хўжалик юритувчи субъектларни танлаб олиш тартибини рақамлаштиришдан иборат.

Танловнинг ҳал қилувчи босқичи жорий йил декабрь ойида Тошкент давлат транспорт университетида ўтказилиши режалаштирилган.

“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси
Ахборот хизмати