“Транспорт тўғрисида”ги Қонун мазмун-моҳияти тушунтирилди

“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси томонидан жорий йилнинг 9 август санасида қабул қилинган “Транспорт тўғрисида”ги қонун мазмун моҳиятига бағишланган манзилли тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда. Жумладан, Қўқон минтақавий темир йўл узели раҳбарияти ва ходимлари, шунингдек, шахобча темир йўлига эга бўлган тадбиркорлик субъектлари вакиллари иштирокида ташкил этилган семинарда қабул қилинган қонун тўғрисида батафсил ахборот берилди.

 Қонунга кўра, автомобиль, ҳаво, темир йўл, сув, электр транспорти, метрополитен ва транспорт инфратузилмаси объектлари Ўзбекистоннинг ягона транспорт тизимини ташкил этади.

Давлат органлари ва мансабдор шахслар транспорт ташкилотларининг хўжалик фаолиятига аралашишга ҳамда улар ходимларини бошқа ишларга жалб этишга ҳақли эмас.

Транспорт вазирлиги соҳада махсус ваколатли давлат органи ҳисобланади.

Хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган транспортларни Ўзбекистонга олиб кириш, ишлаб чиқариш, сотиш ёки улардан фойдаланиш тақиқланади.

Ваколатли органлар вокзалда, аэровокзалда, аэропортда, метрополитенда ва автостанцияга кириш жойида транспорт воситасини, багажни, юк багажини ва юкни, йўловчиларни ва бошқа шахсларни кўздан кечиришдан ўтказиши мумкин.

Шунингдек, транспорт ташкилотлари ва ташувчилар фаолияти транспорт ҳаракатланиши билан боғлиқ бўлган ҳамда меҳнат шароитлари ўта зарарли ва ўта оғир шароитларда банд бўлган ходимларнинг дастлабки ҳамда даврий тиббий кўриклардан ўтказилишини ташкил этиши шарт. Шу ва қонунда назарда тутилган бошқа маълумотлар, уларнинг амалиётда қўлланиши йиғилганларга тушунтирилди.

Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан 3 ой ўтгач, яъни 9 ноябрдан кучга киради.

Тадбир давомида иштирокчилар мутасаддиларга ўзларини қизиқтирган кўплаб саволлар билан мурожаат қилишди ҳамда аниқ ва асосли жавоблар олишди. Тарғибот тадбирлари инспекциянинг қолган филиалларида давом эттирилади.  

“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси
Ахборот хизмати