Устоз темирйўлчилар тақдирланди
Ҳаётда шундай касб эгалари борки, уларнинг меҳнатидан барча бирдек баҳраманд ва умрбод миннатдор бўлади. Устозлар ҳақида ҳар қанча гапирмайлик, ҳар қанча улар шаънига илиқ фикрлар билдирмайлик барибир оз бўлиб кўринаверади. Чунки ҳар биримизнинг ҳаётда ўз ўрнимизни топишимизда, маълум касб эгаси бўлишимизда мураббийларнинг меҳнати беқиёс.
1-октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан “Ўзтемирйўлназорат” инспекциясида бир гуруҳ устоз темирйўлчилар инспекция раҳбарияти ва касаба уюшмаси қўмитаси томонидан эътироф этилиб, муносиб тақдирланишди. Узоқ йиллар давомида темир йўл ва темир йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминланишини назорат қилиш борасида салмоқли меҳнат қилган, қатор ёшларга ўз билим ва тажрибаси билан устозлик қилган ҳамкасбларимиз шарафига эзгу тилаклар билдирилди. Уларнинг инспекция равнақидаги ўрни, айниқса шогирдлари камол топиши йўлидаги меҳнатлари алоҳида эътироф этилди. Катта авлод вакиллари ўз ўрнида эътирофдан мамнунликларини яширмай, ёшларга яратиб берилган шароитлардан оқилона фойдаланиш ва юрт корига дастёр бўлиш лозимлигини таъкидлаб ўтишди.
“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси
Ахборот хизмати