Темир йўл кесишмалари кузги кўрикдан ўтказилди

 

“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси  ва “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти ходимлари томонидан темир йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, юк ва йўловчи ташишларни хавфсиз амалга ошириш, айниқса, темир йўл ва автомобиль йўллари кесишмаларида ҳаракат хавфсизлиги қоидаларига амал қилинишини таъминлаш борасида қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

           Темир излар турли шаҳар ва вилоятларни бир-бирига боғлаш орқали кўплаб сохалар ривожига ва аҳолининг узоғини яқин қилишга замин яратмоқда. Темир йўллар аҳоли яшайдиган ҳудудда тез-тез автомобиль йўллари билан кесишади. Шу сабабдан мутахассислар томонидан поездлар ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш мақсадида нафақат шаҳарларда балки, туманларда, чекка-чекка ҳудудлардаги темир йўл ва автомобиль йўллари кесишган масканларда замонавий, сўнгги русумдаги автоматлаштирилган кўтарилувчи тўсиқлар, тақиқловчи ва огоҳлантирувчи чироқлар, белгилар ўрнатилган. Бироқ шунга қарамай, айрим масъулиятсиз ҳайдовчилар томонидан кесишмаларда ҳаракат хавфсизлиги қўпол равишда бузилиши оқибатида бахтсиз ҳодисалар юз бераяпти, темир йўл инфратузилмасига моддий зиён етмоқда.

Қоидабузар ҳайдовчилар йўл кесишмаларидаги яқинлашиб келаётган поезд ҳақидаги огоҳлантириш белгиларини кўриб турса ҳам йўлни кесиб ўтмоқчи бўлишади. Оқибатлари эса барчага маълум.  Ҳар икки транспортга етган моддий зарар, инсонлар тан жароҳати олиши, баъзан эрта ҳаётдан кўз юмишга олиб келаяпти.

Маълумки, катта тезликда келаётган поезд фавқулодда тўхташи учун энг камида 800-1000 метр, юқори тезликда ҳаракатланувчи локомотивлар учун эса ундан ҳам кўпроқ масофа талаб этилади. Ушбу ҳолат кесишмаларда ҳайдовчилар ҳушёрликни янада орттириб, барча қоидаларга амал қилишлари лозимлигини талаб этади. Рақамлар мисолида қарайдиган бўлсак, инспекциянинг Тошкент филиали ҳудудида жорий йилнинг ортда қолган        9 ойи давомида темир йўл кесишмаларда 5 маротаба поездлар ва автомобилларнинг тўқнашуви қайд этилган бўлиб унда фуқароларимиз турли даражадаги талофотлар кўришган. 

         Мазкур ҳодисаларни олдини олиш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган темир йўл кесишмаларида поездлар ҳамда автотранспортлар ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш сифатини ошириш учун “Ўзтемирйўлназорат” инспекциясининг тасдиқланган режасига асосан, шу йилнинг 14 октябридан 25 октябрига қадар “Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси, Тошкент минтақавий темир йўл узелига қарашли корхона раҳбарлари, вилоятлар ва Тошкент шахар ИИВ  ЙХХБ жойлардаги маъсул ходимлари, “Ҳудудий автомобил йўллардан фойдаланиш бошқармаси”   маъсул ходимлари билан биргаликда темир йўл кесишмаларида кузги кўрик ташкил этилди. Кўрикда нафақат “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятига тегишли темир йўл кесишмалари, балки бошқа вазирлик ва идораларга тегишли бўлган темир йўл кесишмалари ҳам кўздан кечирилди. Ушбу кўрикда темир йўл кесишмаларида поездлар ва автотранспортлар ҳаракати хавфсизлигини таъминлашнинг сифатини ошириш мақсадида ҳар бир кесишма ҳолати тўлиқ ўрганиб чиқилди ва аниқланган  камчиликларни бартараф қилиш юзасидан вазирлик ва идораларга, “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятига тегишли кўрсатмалар берилди.

Йўл кесишмаларидаги тўқнашувларнинг олдини олиш мақсадида темир йўл ходимлари ва “Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси мутасаддилари томонидан мунтазам равишда автохўжаликларда, саноат корхоналарида, хусусий автомобил эгалари орасида, ҳамда темир йўл яқинида яшовчи автомобил  транспорти бор аҳоли ўртасида, мактаб ва маҳаллаларда, ҳайдовчилар тайёрлаш ўқув масканларида бу борада тушунтириш ишлари ўтказиб келинмоқда. Темир йул кесишмалари темир йўллардаги юқори хавфли ҳудуд ҳисобланади. Буни барча ҳайдовчилар ёдда тутиши керак.

 

Рустам Турсунов
“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси
Тошкент филиали инспектори