Идоралараро комиссия йиғилишида муҳим масалалар муҳокама қилинди
“Тошкент-Самарқанд-Бухоро” юқори тезликда ҳаракатланиш темир йўл участкасида ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш бўйича Идоралараро комиссиянинг навбатдаги сайёр йиғилиши бўлиб ўтди. Унда муқаддам қабул қилинган қарорлар ҳамда Транспорт вазири томонидан тасдиқланган юқори тезликдаги темир йўл участкаларида ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, ҳудудларни ободонлаштириш, шаҳарсозлик талабларига мувофиқлаштириш бўйича чора-тадбирлар режасида белгиланган топшириқларнинг ижроси муҳокама қилинди.
Йиғилишга раислик қилувчи “Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси бошлиғи ўринбосари А.Абдурахманов Идоралараро комиссия қарорларининг айрим бандларини белгиланган муддатда тўлиқ бажарилмаганлигини билдириб, масъул ходимларнинг ўз хизмат вазифаларига масъулият билан ёндашишлари лозимлигини таъкидлаб ўтди.
“Афросиёб” электропоезди машинистлари томонидан машинистларни камчиликларни қайд этиш китобида кўрсатилган ҳолатларни ўз вақтида сифатли бартараф этиш юзасидан май ойи давомида амалга оширилган ишлар таҳлил қилинганда, қатор камчиликлар аниқланганлиги маълум бўлди. Жумладан, юқори тезликда ҳаракатланиш участкаларида темир йўл изларига тош қўйиш ҳолатлари кузатилган.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Транспортда хавфсизлигини таъминлаш бош бошқармаси бўлим бошлиғи Д.Ашуров бегона шахслар томонидан инфратузилма объектларига шикаст етказилганда, шунингдек, рельс изларига жисм қўйиш ҳолатлари кузатилганда Ички ишлар вазирлигининг Транспортда хавфсизлигини таъминлаш таркибий бўлимларига тезкор хабардор қилиш мақсадида, уларнинг телефон рақамлари ёзилган буклетларни “Ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бошқармаси” ўқчи ходимлари пост-масканларига тақдим этилганлигини маълум қилди.
Юқори тезликда ҳаракатланиш темир йўл участкаларида жойлашган темир йўл кесишмаларида ўтиш қоидаларини бузаётган ҳайдовчиларга нисбатан қатъий чоралар кўриш, қоидабузарликлар кўп маротаба содир этилаётган жойларда рейд тадбирларини ўтказиш ҳамда уларни оммавий ахборот воситаларида доимий равишда ёритиб бориш бўйича тавсия берилди.
Шунингдек, юқори тезликдаги темир йўл участкаларида чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги қонунчиликка риоя этилиши юзасидан давлат назоратини амалга ошириш, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан мустаҳкам ҳамкорликда маиший чиқиндиларни йиғиш, ташиш, утилизация қилиш, қайта ишлаш ва кўмиш борасида таъсирчан тизимни ташкил этиш лозимлиги таъкидланди.
Кун тартибидаги масалалар, шу билан бирга сайёр йиғилиш давомида аниқланган камчиликлар юзасидан вазирлик, ҳокимлик ҳамда ташкилот вакилларининг фикр ва мулоҳазалари муҳокама қилиниб, уларни олдини олиш ва бартараф этиш бўйича масъулларга тегишли тавсиялар берилди.
“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси
Ахборот хизмати