“Фахрий темирйўлчи” қутлуғ ёшни қаршилади

 

“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси янги ташкил этилгандан бугунги кунга қадар самарали меҳнат қилиб келаётган ҳамкасбимиз, Фарғона филиали ташишлар хўжалиги бўйича бош инспектор Адхам Исламов 60 ёшга тўлди. Темир йўл тизимида 40 йилдан ортиқ давр давомида ўз билим ва малакасини соҳа ривожига бағишлаган, кўплаб ёшларга устозлик қилиб келаётган, ташишлар хўжалиги бўйича етук мутахасиссни бугун марказий аппарат ва филиал раҳбарияти муборак ёши билан табриклади. Инспекция бошлиғи ўринбосари А.Абдурахманов фахрий темирйўлчига эсдалик совғалари топшириб, самимий қутлади.

Бугунги қахрамонимизнинг меҳнат фаолияти Ўрта Осиё темир йўллари Тошкент-товар бекатидан бошланди. Ҳарбий хизматни ўтаб келгач, умрини темир изларга бағишлади. А.Исламов турли йилларда ҳаракат хавфсизлиги бўйича бекат бошлиғи ёрдамчиси, меҳнат муҳофазаси муҳандиси, ташишлар бўлими поездлар диспетчери, темир йўл бекати бошлиғи, ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш бўйича бош тафтишчи каби масъулиятли вазифаларда самарали фаолият юритди.

А.Исламовнинг темир йўл ва темир йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш борасида олиб борган намунавий фаолияти уни 2001 йилда “Ўздавтемирйўлназорат” инспекциясига (изоҳ: “Ўзтемирйўлназорат” инспекция 2019 йилга қадар мазкур ном билан аталган) олиб келди. Инспекциянинг Фарғона филиалига раҳбар сифатида тайинланган тажрибали мутахассис ўзига юклатилган вазифани шараф билан адо этди. Ҳаракат хавфсизлигини замонавий талаблар асосида таъминлаб, кўпчиликнинг эътирофига сазовор бўлди. А.Исламовнинг темир йўл соҳаси ривожига қўшган улкан ҳиссаси муносиб эътироф этилиб, 2004 йилда “Фахрий темирйўлчи” унвони билан тақдирланди. Темир интизом ва ишга профессионал ёндашувни ўзига шиор қилиб олган А.Исламов шогирдларига бу борада ўрнак бўлиб, уларни ҳам ортидан эргаштирди. Бугун кўплаб темирйўлчилар фахр билан “Устоз” дейдиган Адхам Инамович 4 фарзанднинг отаси, 8 нафар набираларнинг севимли бобоси. Фарзандларининг 2 нафари ота касбини давом эттириб фаолиятларини темир йўл билан боғлади.

Бугунги кунда ҳам серғайрат, сершижоат меҳнат қилиб, улкан тажрибасини ёшлар билан баҳам кўраётган ҳамкасбимизга дунёдаги энг эзгу тилакларни тилаб қоламиз.

“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси
Ахборот хизмати