Бухорода тадбиркорлик субъектлари вакиллари иштирокида тадбир ўтказилди

“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси ходимлари темир йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминланиши устидан назорат тадбирлари билан биргаликда шахобча темир йўлига эга тадбиркорлик субъектлари иштирокида профилактик тадбирлар, семинарлар ва сайёр қабуллар ўтказишади. Инспекциянинг Бухоро филиалида ташкил этилган тадбирда иштирокчилар темир йўл соҳасидаги қонунчилик ҳужжатлари мазмун-моҳияти ва улардаги янгиликлар ҳақида хабардор бўлишди ҳамда ўзларини қизиқтирган кўплаб саволларга жавоб олишди. “Транспорт тўғрисида”ги қонун ва соҳага доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мазмун-моҳияти батафсил тушунтирилди. Инспекция томонидан ишлаб чиқилган идоравий ҳужжатлар ва уларда кўзда тутилган янгиликлар бўйича ҳам ахборот берилди.

Тадбирда инспекцияда коррупцияга қарши курашиш бўйича жорий этилган “комплаенс назорат” тизими ва мазкур тизим тўғрисида батафсил тўхталиб ўтилди. Ушбу тизимнинг самарали ишлаши умуман коррупцияга қарши курашишда фуқароларнинг ҳам бевосита иштироки лозимлиги таъкидланди. Коррупцион ҳолатга дуч келганда, ҳуқуқ ва манфаатлари бузилганда тадбиркорлик субъектлари вакиллари мурожаат қилишлари орқали ҳуқуқлари бузилиш олдини олиниши ва фаол фуқаролик позцияларини намойиш этишлари мумкинлиги таъкидланди. Иштирокчиларга инспекциянинг расмий сайти, телеграм канали, ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари ва қайта алоқа боти тўғрисида ахборот берилиб, онлайн режимда ҳам мурожаат қилиш имкониятлари тушунтирилди.

Семинарда “Ўзтемирйўлназорат” инспекциясининг асосий вазифаларидан бўлмиш темир йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, турли қоидабузарликларни олдини олиш мақсадида амалга оширилаётган ишлар, галдаги вазифалар ҳақида сўз юритилди. Ўтган йилдаги кўрсаткичлар, ютуқ ва камчиликлар таҳлил қилинди. Ҳаракат хавфсизлигини таъминлашда яна нималарга эътибор қаратиш лозимлиги бўйича тушунтиришлар берилди.

“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси
Ахборот хизмати