Жамоатчилик кенгашида йил якунлари таҳлил қилинди
“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси ҳузурида ташкил этилган жамоатчилик кенгаши темир йўл ва инспекция тизимида узоқ йил самарали меҳнат қилган тажрибали темирйўлчилардан иборат ўз ишини жамоатчилик асосида олиб борадиган, доимий фаолият юритувчи маслаҳат-кенгаш органи ҳисобланади.
Жамоатчилик кенгаши инспекция томонидан ишлаб чиқарилаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда жамоатчилик манфаатлари ҳисобга олиниши, инспекция зиммасига юкланган вазифалар ва функцияларни бажаришда жамоатчилик назоратини амалга ошириб келмоқда. Коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ва инспекция фаолиятининг очиқлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган тадбирларни мониторинг ва таҳлил қилиб, уларни янада кенгайтириш бўйича таклифлар киритади.
2022 йилни якунлаб берган йиғилишда "Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятинг очиқлиги тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Оммавий ахборот воситалари мустақиллигини таʼминлаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари фаолиятини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори ҳамда Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлашга қаратилган бошқа қонунчилик ҳужжатларининг йил давомидаги ижроси муҳокама қилинди ва тегишли тавсиялар берилди.
“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, амалга оширилган ишлар билан жамоатчиликни яқиндан таништириш мақсадида ҳудудий филиалларда тадбиркорлик субъектлари вакиллари билан сайёр учрашувлар, турли семинарлар ва ОАВ ходимлари иштирокида брифинглар ўтказилганлигини ижобий баҳоланди.
Кенгаш котиби Ф.Хайриддинов ҳар чоракда ижтимоий аҳамиятга эга маълумотлар инспекция расмий сайти ва Очиқ маълумотлар порталига белгиланган муддат ва тартибда жойлаштириб борилаётганини маълум қилди. Шунингдек, инспекция томонидан 2022 йил давомида амалга оширилган ишлар, назорат ва профилактик тадбирлар расмий сайт ва ижтимоий тармоқларда эълон қилинганини билдирди.
Кенгаш аъзолари инспекция фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш борасида амалга оширилган ишларни кўриб чиқиб, ижобий баҳолашди. Шунингдек, бу борадаги ишларни такомиллаштириш борасида ўз тавсияларини беришди. Жумладан, «Ўзтемирйўлназорат» инспекцияси раҳбарияти ҳамда шахобча темир йўлига эга бўлган тадбиркорлик субъектлари вакиллари билан учрашув, шу жумладан “онлайн” учрашувларни ташкил этиш ва уларнинг мурожаатларини инспекцияси ваколати доирасида кўриб чиқиб ижобий ҳал этиш чораларини кўриш тавия қилинди.
“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси
Ахборот хизмати