Транспорт университетида раҳбар ва ёшлар учрашуви ташкил этилди
Бугун Транспорт университетида таҳсил олаётган битирувчи курс талабалари инспекция бошлиғи ўринбосари Аъзам Абдурахманов билан учрашиб ўзларини қизиқтирган кўплаб саволларига жавоб олишди. Дастлаб инспекция фаолияти, тизими ҳақида ахборот берилди. Темир йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш соҳадаги долзарб вазифаларидан эканлиги ва мазкур жараённи назорати қай тартибда амалга оширилиши, Қонун ҳужжатлари асосида тушунтириб берилди. Шунингдек, инспекцияда ишга қабул қилишдаги талаблар ҳақида батафсил тўхталиб ўтилди.
Инспекцияда “Ёш мутахассисларни танлаш дастури” қабул қилинганлиги ва мазкур Дастур ҳақида ҳам талабаларга маълумот берилди. Айни кунда олий таълим муассасалари бакалавриатида 4-босқичда таҳсил олаётган талабалар ўртасида “Ўзтемирйўлназорат” инспекциясида стажировка ўташ юзасидан эълон қилинган танлов ёшларни катта қизиқишига сабаб бўлди. Улар танлов шартлари, стажировка ўташ ва у билан боғлиқ бўлган жараёнлар ҳақида муҳим маълумотларга эга бўлишди.
Инспекция ёшлар етакчиси Бехруз Қахрамонов бундан икки йил олдин битирувчи курс талабаси бўлиб, инспекцияда келиб иш ўрганиб, малака оширган даврларини эслади. “Ўзтемирйўлназорат” инспекциясидаги ижобий ички муҳит, ёшларга яратиб берилган шароит, билдирилган ишонч, кадрлар танлашдаги адолатли ва шаффоф тизим натижаси ўлароқ, ёш бўлишига қарамай Бош бухгалтер лавозимида фаолият юритаётганини фахр билан тилга олди. Умуман инспекцияда иш ўрганиш, етук кадр сифатида шаклланиш, устоз-шогирд анъаналари тўғри йўлга қўйилганини таъкидлаб ўтди.
Мутасаддилар тадбир якунида инспекцияда стажировка ўташ истагидаги талабалар учун ҳужжатларни қабул қилиш телеграм боти, аризаларни тўлдириш тартибини тушунтириб, ёшларга омад тилашди.
“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси
Ахборот хизмати