Темир йўлларда ҳаракат хавфсизлигига амал қилинг

 

Маълумки темир йўл транспорти воситалари ва  поездлар ҳаракатининг хавфсизлигини таъминлаш жуда муҳим вазифалардан бири ҳисобланади. Чунки биргина нотўғри ҳаракат ёки эътиборсизлик натижаси фожиали якунланиши мумкин.

Ана шундай ҳолатларга йўл қўймаслик мақсадида жорий йилнинг февраль ойида инспекциянинг Қашқадарё  филиал бошлиғи ва ходимлари томонидан жойларда 68 маротаба профилактик тадбирлар ўтказилди. Унда жами  425 нафар темирйўл соҳаси вакиллари иштирок этишди.

Шунингдек, вилоят ИИБ ЙҲХ бошқармаси ходимлари билан биргаликда темир йўл кесишмалари ва темир йўл атрофида яшовчи аҳоли ўртасида семинарлар ташкил этилди. Унда содир этилаётган қоидабузарликлар ва уларнинг оқибатида рўй бераётган аянчли йўл-транспорт ҳодисалари чуқур таҳлил қилинди ва мазкур салбий ҳолатлар такрорланмаслиги учун тушунтиришлар берилди.  Ўзбекистон Республикаси маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг тегишли моддалари асосида темир йўлларда фуқароларнинг бепарволик оқибатида содир этган қилмишлари ва темир йўл транспорт тизимининг бенуқсон ҳаракатланишига келтирган зиёнлари учун ­жарималар белгиланганлиги маълум қилинди. Бу каби тушунтириш ишлари  8 та маҳалла ва 7 та таълим муассасасида давом эттирилди.

Ҳар биримиз хизмат вазифамиздан ҳамда фуқаролик бурчимиздан келиб чиқиб, истиқомат қилаётган ҳудудимиздан ўтувчи темир йўлда ҳаракат хавфсизлигини таъминлашда масъулиятимизни оширишимиз зарур.  

 

“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси
Ахборот хизмати