Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги тўғрисидаги низом тасдиқланди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Транспорт соҳасида давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йил 1 февралдаги ПФ-5647-сон Фармони ва «Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида» 2019 йил 1 февралдаги ПҚ-4143-сон қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги тўғрисидаги низом тасдиқланди.

 

 Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлигининг мақоми, асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари, жавобгарлигини, фаолиятини ташкил этиш ва ҳисобот бериш тартибини, шунингдек, унинг раҳбарларининг функционал вазифалари ва масъулиятини белгилайди.

       

 Вазирлик автомобиль, темир йўл, ҳаво, дарё ва электр транспорти, метрополитен ва йўл хўжалигини ривожлантириш борасида ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш ҳамда норматив-ҳуқуқий тартибга солиш бўйича давлат бошқаруви органи ҳисобланади.  

Вазирлик тизимига қуйидагилар киради:

  • марказий аппарат;
  • Қорақалпоғистон Республикаси Транспорт вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳри транспорт бошқармалари;
  • Автомобиль йўллари қўмитаси;
  • Фуқаро авиацияси агентлиги;
  • Темир йўлларда юк ва йўловчилар ташиш хавфсизлигини назорат қилиш инспекцияси;
  • Йўл-қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш инспекцияси;
  • «Ўзаэронавигация» маркази;
  • Транспорт ва логистикани ривожлантириш муаммоларини ўрганиш маркази;
  • Илмий-тадқиқот, ўқув муассасалари ва бошқа ташкилотлар.

Қарорда вазирлик ва унинг ҳудудий бўлинмалари ва идоравий мансуб ташкилотларининг вазифалари ва функциялари белгиланган. Унга мувофиқ

қуйидагилар Вазирликнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

 

1) транспортнинг барча турларини Ўзбекистон Республикаси ягона транспорт тармоғига интеграциялаштириш ва янги самарали транспорт-логистика тизимларидан фойдаланиш асосида биргаликда ривожлантиришга йўналтирилган ягона давлат транспорт сиёсатини ишлаб чиқиш;

2) транспорт ва логистика хизматлари бозорини ривожлантиришни рағбатлантириш, уларнинг барча тоифадаги истеъмолчилар учун оммабоплигини таъминлаш, шунингдек, соҳага инвестицияларни жалб этишга йўналтирилган транспорт соҳасидаги ягона тариф сиёсатини амалга ошириш;

3) халқаро транспорт коридорларини ривожлантириш, логистика тизимини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ва чора-тадбирларни амалга ошириш, мамлакат транспорт салоҳиятидан самарали фойдаланиш, тадбиркорлик субъектларининг транспорт-логистика хизматларидан фойдаланишдаги сарф-харажатларини камайтириш;

4) транспорт ва йўл хўжалиги соҳасида давлат-ҳусусий шерикликни ривожлантириш ва мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш;

5) бутун транспорт тизимини рақамлаштириш бўйича илғор ахборот технологияларини жорий этиш, Ўзбекистон Республикаси транспорт тизимининг бир-бирига боғланган ягона тизимини истиқболли ривожлантириш стратегияларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

6) автомобиль йўллари соҳасида ягона техника сиёсатини амалга ошириш, фойдаланувчилар манфаатини ҳисобга олган ҳолда, автомобиль йўллари, аэродромлар ва аэропортлар, вокзаллар, темир йўллар ва транспорт инфратузилмасининг бошқа объектларини молиялаштириш, лойиҳалаш, қуриш, таъмирлаш ва фойдаланиш масалаларининг комплекс ечимини таъминлаш;

7) транспорт соҳасида назоратни амалга ошириш, фуқаро авиацияси ва экспериментал ҳаво кемаларидаги ҳалокатлар ва бахтсиз ҳодисаларни, шунингдек, темир йўл ва дарё транспортидаги авария ва ҳалокатлар бўйича текширувларни ташкил этиш ва амалга ошириш;

8) транспорт ва йўл хўжалиги соҳасидаги халқаро ва ҳудудий ҳамкорликни ривожлантириш ҳисобидан жаҳон транспорт хизматлари бозорида Ўзбекистон Республикаси миллий манфаатларини таъминлаш;

9) транспорт соҳасидаги жорий ва истиқболли эҳтиёжларни инобатга олган ҳолда, таълим, кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг илғор усулларини тизимли равишда жорий этиш.

Вазирликка Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси маъқуллагандан сўнг Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган Вазир раҳбарлик қилади.

Вазир ўз мақомига кўра, Вазирлар Маҳкамаси Раёсатининг аъзоси ҳисобланади.

Вазир беш нафар ўринбосарга, шу жумладан битта биринчи ўринбосарга эга.

Вазирнинг биринчи ўринбосари ва ўринбосарлари лавозимга Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.  

 

Ҳужжатнинг тўлиқ матни