Транспорт назорати инспекцияси ходимларига
Она тили – миллат тафаккурининг бебаҳо хазинаси, улкан бойлиги сифатида ижтимоий ҳаётда муҳим аҳамият касб этади. Халқнинг, миллатнинг мавжудлиги, аввало, унинг ўз тилига эгалиги билан белгиланади. Тилни асраш, ривожлантириш – миллатнинг юксалиши демакдир. Миллатнинг нуфузи халқ тилининг қанчалик кенг тарқалганлиги, мукаммаллиги, оммалашганлиги, бой ва софлиги билан белгиланади. Шу маънода айтиш жоизки, она тилимиз – ўзбек тили асрлар оша ўз софлигини, ўзига хос жиҳатларини сақлаб, сайқалланиб, яшаб келаётган дунёдаги ўнлаб тиллардан бири ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳамда Ўзбекистон Республикасининг 1989 йил 21 октабрдаги “Давлат тили ҳақида”ги қонуни билан ўзбек тилининг ҳуқуқий мақоми мустаҳкамлаб қўйилди ҳамда Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тили эканлиги ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилиниши эътироф этилди.
Тил – ўзлик тимсоли, халқ мулки, миллат руҳи, маданий ва маънавий бойлик, халқнинг маданияти, урф-одати, унинг турмуш тарзи, тарихидир. Тил бор экан миллат барҳаёт. Ўзбек тилининг халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини юксалтириш учун уни миллий ва умумбашарий тушунчалар асосида тараққий этган тиллар сафига киритишда ўз ҳиссамизни қўшиш ҳар биримиздан чуқур масъулият талаб этади.
Шундай экан, тилни фақат тил байрамидагина эмас, ҳамиша асраб-авайлаш, уни эъзозлаш, унинг давлат тили сифатидаги мақоми, жамиятдаги мавқеини юксалтириш, ёш авлодни она тилимизга чексиз муҳаббат ва ҳурмат руҳида тарбиялаш ҳамиша долзарб маънавий бурчимиз бўлиб қолиши лозим!
Барчангизни бугунги байрам – “Ўзбек тили байрами” куни билан муборакбод этаман!
Байрамингиз муборак бўлсин!
Жамшид Каримов
Транспорт назорати инспекцияси бошлиғи