“Ёшлар куни” муносабати билан мусобақа ташкил этилди

Мамлакатимизда мана 5 йилдан буён 30 июнь санаси ёшларнинг чинакам байрамига айланиб, “Ёшлар куни” сифатида кенг нишонланмоқда. Келажагимиз эгалари бўлмиш ёшларнинг ҳар томонлама ривожланиб, етук шахс бўлиб етишишлари учун барча шароитлар яратилиб, уларга давлат томонидан ғамхўрлик кўрсатилмоқда. “Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси ҳам ўз фаолияти давомида ёшлар билан ишлашга, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратиб келади. Ёш ходимларнинг ғоя ва таклифлари ҳар доим хурсандчилик билан қабул қилиниб, рўёбга чиқариш чоралари кўрилади. Уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, спорт билан мунтазам шуғулланишлари учун ҳам имкониятлар яратилган.

Ёшлар куни муносабати билан инспекциядаги ёш ходимлар шахмат доскаси атрофида жам бўлишди. Пухта тайёргарликка эга иқтидор эгалари шахмат ва шашкада имкониятларини синовдан ўтказишди. Ҳамкасбларнинг мусобақа доирасидаги ҳаракатлари муросасиз кечганини таъкидлаб ўтиш лозим. Сўнгги сонияга қадар қизиқарли кечган баҳслар якунида ғолибликни қўлга киритган ходимлар касаба уюшмаси қўмитаси томонидан эсдалик совғалар билан тақдирланди.

“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси
Ахборот хизмати