Давлат хизматчиси одоб-ахлоқ қоидаларида нималарга риоя қилиши керак?

Жорий йил 14 октябрда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат фуқаролик хизматчилари томонидан одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилишини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори тасдиқланди. Мазкур қарор мазмун-моҳиятини давлат хизматчиларига тушунтириш мақсадида мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ўқув семинарлари ўтказилмоқда.  “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти мажлислар залида ўтган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Ҳудудларни комплекс ривожлантириш, коммуникациялар, қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги масалалари котибиятига таркибига кирувчи вазирлик ва идоралар ходимлари иштирок этишди.

Семинарда Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, Адлия вазирлиги, Тошкент давлат юридик университети вакиллари ўз маърузалари билан йиғилганларга қарор мазмун-моҳиятини батафсил тушунтиришди. Спикерлар қарорни тақдимот материаллари асосида ҳар бир бандига алоҳида тўхталиб ўтишди. Давлат хизматчилари меҳнат фаолияти давомида ва ишдан ташқари вақтда давлат хизматининг обрўсига путур етказиши мумкин бўлган хатти-ҳаракатлардан тийилиш, ахлоқ нормаларига доимий риоя қилиш, масъулият, касбига садоқат ва ҳалолликни кундалик шиорга айлантириш, мураккаб вазифаларни бажаришда ҳамкасбларига кўмаклашиши лозимлиги таъкидланди. Шунингдек, хушмуомалалик, эътиборлилик ва ҳушёрлик билан фуқароларда давлатга нисбатан ишонч ва ҳурмат ҳиссини уйғотиш, оиласида соғлом муҳитни таъминлаб, оила аъзоларига доимий ғамхўр бўлиш, фарзандларида ватанпарварлик ва бошқа юксак ахлоқий фазилатларни шакллантириш, фуқароларнинг ижтимоий келиб чиқиши, иқтисодий аҳволи ва бошқа омиллардан қатъи назар, улар билан бир хил, самимий, одоб доирасида муносабатда бўлиш, жамиятда ахлоқнинг умумэътироф этилган қоидаларига амал қилиш ҳар бир давлат хизматчисининг устувор вазифаларидан эканлиги билдирилди.

Қизғин савол-жавоблар руҳида ўтган тадбирда иштирокчилар ўзлари учун кўплаб муҳим маълумотларга эга бўлишди.

“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси
Ахборот хизмати