“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси брифинги

Бугун АОКАда инспекция Ахборот хизмати бошлиғи Фирдавс Хайриддинов иштирокида брифинг ўтказилди.  Унда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 28 сентябрдаги “Фойдаланишга топшириладиган ҳаракатдаги темир йўл таркиби хавфсизлиги тўғрисидаги умумий техник регламентни тасдиқлаш” ҳақидаги 537-сон қарори мазмун-моҳияти ҳақида ахборот берилди.

 Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Фойдаланишга топшириладиган ҳаракатдаги темир йўл таркиби хавфсизлиги тўғрисидаги умумий техник регламентни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори “Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва метрология тизимларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2018 йил 12 декабрдаги ПҚ-4059-сон қарорига мувофиқ ишлаб чиқилган.

Қарорнинг мақсади - инсон ҳаёти ва соғлиғини, жисмоний ва юридик шахслар, давлатнинг мол-мулкини ҳимоялаш, атроф муҳит, жониворлар ва ўсимликлар ҳаёти ва соғлигини муҳофаза қилиш, шунингдек харидорлар ва истеъмолчиларни (фойдаланувчиларни) унинг вазифаси ва хавфсизлигига нисбатан адашишига олиб келувчи ҳаракатлардан огоҳлантириш мақсадида, ҳаракатдаги темир йўл таркиби ва унинг таркибий қисмлари хавфсизлигига лойиҳалаш, ишлаб чиқариш ва модернизация қилишда  қўйиладиган ягона мажбурий талабларни белгилашдан иборат.

Фойдаланишга топшириладиган ҳаракатдаги темир йўл таркиби хавфсизлиги тўғрисидаги умумий техник регламент расмий эълон қилинган кундан бошлаб олти ой ўтгач, амалга киритилади (2023 йил 29 март).

Қарорга илова қилинаётган “Фойдаланишга топшириладиган ҳаракатдаги темир йўл таркиби хавфсизлиги тўғрисида”ги умумий техник регламент зарар етказиш хавфи даражасини ҳисобга олган ҳолда, ҳаракатдаги темир йўл таркиби ва (ёки) унинг таркибий қисмларига қўйиладиган, уларнинг бажарилиши (ҳаракат, нурланиш, портлаш, механик, ёнғин, термик ва электр хавфсизлиги)ни таъминлайдиган минимал зарур талабларни белгилайди.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида умумий фойдаланишдаги темир йўллар ва идораларга қарашли темир йўл шохобча йўлларида фойдаланиш учун топшириладиган янги ишлаб чиқарилувчи (модернизация қилинувчи) ҳаракатдаги темир йўл таркиби (локомотивлaр, моторвагонли ҳаракатдаги таркиб, юк ва йўловчи вагонлар, махсус ҳаракатдаги темир йўл таркиби) ва унинг таркибий қисмлари ушбу умумий техник регламентнинг объектлари ҳисобланади.

Мазкур умумий техник регламент талаблари ҳаракатланиш тезлиги 200 км/соатгача бўлган ҳаракатдаги темир йўл таркибидан фойдаланишда татбиқ этилади.

Темир йўл транспортидан фойдаланишнинг ўзига хос ҳусусияти ҳаракатдаги темир йўл таркибининг ҳаракатланиши ва тўхтаб туришида юзага келадиган хавфларнинг мавжудлиги билан боғлиқ бўлиб, бу ноқулай омилларнинг муайян комбинациясида  ҳаракатдаги темир йўл таркибининг темир йўл изидан чиқиб кетишига, одамлар ва ҳайвонларни уриб юборишига, ҳаракатдаги темир йўл таркибларининг тўқнашувларига олиб келиши мумкин. Ушбу хавфларнинг юзага келиши одамларнинг ҳалок бўлиши ёки шикастланиши, зиён (зарар) етказиш билан боғлиқ бўлган ҳалокатлар, авариялар, бахтсиз ҳодисаларнинг (шу жумладан темир йўл кесишмаларидаги) ҳақиқий хавф омилларининг келиб чиқишига сабаб бўлади.

Мувофиқликни мажбурий тасдиқлаш: умумий техник регламент, давлатлараро ва миллий стандартлар ва қоидалар тўплами талабларининг бажарилганлигини исботлаш йўли орқали амалга оширилади. Бундай ҳолларда давлатлараро ва миллий стандартлар ва тегишли рўйхатлардаги қоидалар йиғиндилари аниқ талабларининг бажарилганлиги ушбу умумий техник регламент талабларига риоя этилганлиги ҳисобланади.

Шу тариқа, ушбу умумий техник регламентни шакллантиришнинг асосий тамойиллари бўлиб: ҳаракатдаги темир йўл таркибида хавфсизлик даражасини сақлаб қолиш; темир йўл транспортида техник жиҳатдан тартибга солишнинг амалдаги тизими билан узвийлик; шунингдек, халқаро ва Европа стандартларида белгиланган талаблар билан уйғунлаштириш ҳисобланади.

Умумий техник регламент саноати ривожланган мамлакатларда амалда бўлган ва темир йўл транспорти хавфсизлигини тартибга солувчи қонун ҳужжатларини, Божхона иттифоқига аъзо давлатларнинг темир йўл транспорти соҳасига оид қонун ҳужжатларини, шунингдек темир йўл транспорти соҳасидаги халқаро ва миллий стандартларни  ўрганишни инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилган.

Хусусан, умумий техник регламентни тайёрлашда Европа Иттифоқининг Парламент Директивалари ва Европа Иттифоқи Кенгашининг “Европа давлатларининг темир йўл хавфсизлиги”  ва “Транс Европа оддий темир йўл тизимларининг эксплуатация ҳамкорлиги тўғрисида” каби директиваларининг алоҳида нормалари ҳисобга олинган.

Шу билан бирга мазкур регламентда ҳаракат хавфсизлиги билан узвий боғлиқ бўлган ва қонунчиликда тартибга солинмаган бир қатор нормалар инобатга олинди. Жумладан, ҳаракатдаги темир йўл таркиби ва унинг таркибий қисмларининг конструкциясига ёки тайёрланиш технологиясига хавфсизликка таъсир этувчи ўзгартиришлар киритилган ҳолларда, шунингдек, хизмат муддатини узайтириш билан модернизация қилинганда, кўрсатиб ўтилган темир йўл маҳсулотининг мувофиқлиги мажбурий тасдиқлашдан ўтказилиши лозимлиги белгиланди. Бунда хизмат муддатини узайтириш орқали модернизация қилинган ҳаракатдаги темир йўл таркиби ва унинг таркибий қисмларига янги ишлаб чиқарилган ҳаракатдаги темир йўл таркиби ва унинг таркибий қисмларига татбиқ этиладиган каби мувофиқликни баҳолаш тартиб-таомиллари татбиқ этилиши белгиланди.

Фойдаланишга топшириладиган ҳаракатдаги темир йўл таркибига ушбу Техник регламент билан белгиланган талабларга риоя қилиш бўйича давлат назорати Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Темир йўлларда юк ва йўловчилар ташиш хавфсизлигини назорат қилиш инспекцияси, Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги, шунингдек, бошқа махсус ваколатли давлат органлари ўз ваколатлари доирасида амалга ошириши белгиланган.

“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси
Ахборот хизмати