Хавфсизликга амал қилиб, хаётингизни асранг!
Юқори тезликда ҳаракатланувчи темир йўл участкасида поездлар ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш “Ўздавтемирйўлназорат” инспекцияси ходимларининг асосий вазифаларидан саналади. Хусусан, замонавий "Афросиёб" электропоездининг "Тошкент-Самарқанд-Қарши" йўналишининг Самарқанд шаҳридан Қарши шаҳригача бўлган масофадаги темир йўл излари доимий реконструкция килиняпти. Шунингдек, “Ўздавтемирйўлназорат” инспекцияси Қашқадарё филиали xодимлари томонидан ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини сақлаш, уларнинг бахтсиз ҳодисаларга учрашининг олдини олиш мақсадида мунтазам равишда назорат қилиниб келинмоқда. Ҳозирда фуқароларимизнинг темир йўлдан ўтишлари учун темир йўл бекатларида махсус кўприклар, маълум участкаларда эса «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамиятига қарашли Ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бошқармаси ходимлари томонидан қўриқланадиган махсус ўтиш йўлаклари ташкил этилган.
Шунга қарамасдан, айрим фуқаролар томонидан ўзбошимчалик билан темир йўл атрофидаги муҳофаза ерлари эгаллаб олинаётганлиги, темир йўлларга ҳар хил чиқиндилар ташланаётганлиги, темир йўлнинг белгиланмаган жойларидан кесиб ўтишлари, ўрнатилган тўсиқларни бузиб, ўзбошимчалик билан ўтиш йўлларини очиш, темир йўл атрофида чорва моллари боқиш, қоровул будкалари ва вагонларга тош отиш, темир йўл изларига ҳар хил ашёлар қўйиш, темир йўл сигнализация ва алоқа воситаларига шикаст етказиш каби ҳолатлар содир этилмоқда. Ушбу ҳолатлар ўз навбатида темир йўл тизимида ҳаракат хавфсизлиги талабларининг таъминланишига дахл қилиб, давлат ва жамият манфаатлари ҳамда фуқароларнинг ҳаёти ва соғлигига таҳдид солмоқда.
Бу каби ҳолатларга йўл қўймаслик мақсадида аҳоли ўртасида мунтазам равишда профилактик тадбирлар ташкил этиляпти. Жорий йилнинг ноябр ойида темир йўл атрофида жойлашган 30 та маҳалла, 24 та таълим муассасалари жами 1055 нафар аҳоли ўртасида Транспортдаги ички ишлар ҳамда Қарши ҳарбийлаштирилган қўриқлаш отряди ходимлари билан биргаликда темир йўл хавфсизлигини таъминлашга қаратилган тушунтириш ишлари олиб борилди.
Барчамиз ваколат доирамиздан, хизмат вазифамиздан ҳамда фуқаролик бурчимиздан келиб чиқиб, ҳар бир туман, шаҳар ва маҳалла ҳудудидан ўтувчи темир йўлда поездларнинг ҳаракат хавфсизлигини таъминлашда муносиб улушимизни қўшишимиз мақсадга мувофиқ бўлар эди.
О.Қурбонназаров
“Ўздавтемирйўлназорат” инспекцияси
Қашқадарё филиали бошлиғи