Ҳаётингизни хавф остида қолдирманг!

Ҳаётингизни хавф остида қолдирманг!

                    Сўнгги йилларда “Ўздавтемирйўлназорат” инспекцияси  ва “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти ходимлари томонидан темир йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, юк ва йўловчи ташишларни хавфсиз амалга ошириш, айниқса, темир йўл ва автомобиль йўллари кесишмаларида ҳаракат хавфсизлиги қоидаларига амал қилинишини таъминлаш борасида қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

              Хусусан, бугунги кунда жадаллик билан ривожланаётган соҳалардан бири бу темир йўл эканлиги ҳеч кимга сир эмас. Темир излар турли шаҳар ва туманларни бир-бирига боғлаш орқали кўплаб соҳалар ривожига ва аҳолининг узоғини яқин қилишга замин яратмоқда. Темир йўллар аҳоли яшайдиган ҳудудда тез-тез автомобиль йўллари билан кесишади.

          Шу сабабдан мутахассислар томонидан поездлар ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш мақсадида нафақат шаҳарларда, балки туманларда, чекка-чекка ҳудудлардаги темир йўл ва автомобиль йўллари кесишган масканларда замонавий, сўнгги русумдаги автоматлаштирилган кўтарилувчи тўсиқлар, тақиқловчи ва огоҳлантирувчи чироқлар ҳамда белгилар ўрнатилган. Бироқ шунга қарамай, айрим масъулиятсиз ҳайдовчилар томонидан кесишмаларда ҳаракат хавфсизлиги қўпол равишда бузилиши оқибатида бахтсиз ҳодисалар юз бераяпти, темир йўл инфратузилмасига моддий зиён етмоқда.

          Қоидабузар ҳайдовчилар йўл кесишмаларидаги яқинлашиб келаётган поезд ҳақидаги огоҳлантириш белгиларини кўриб турса ҳам йўлни кесиб ўтмоқчи бўлишади. Оқибати эса барчага маълум.  Ҳар икки транспортга етган моддий зарар, инсонлар тан жароҳати олиши, баъзан эрта ҳаётдан кўз юмиши каби нохуш ҳолатларга олиб келиши мумкин.

            Маълумки, катта тезликда келаётган поезд фавқулодда тўхташи учун энг камида 800-1000 метр, юқори тезликда ҳаракатланувчи локомотивлар учун эса ундан ҳам кўпроқ масофа талаб этилади. Ушбу ҳолат кесишмаларда ҳайдовчилар ҳушёрликни янада орттириб, барча қоидаларга амал қилишлари лозимлигини билдиради.   Рақамлар мисолида қарайдиган бўлсак, жорий йилнинг ортда қолган 10 ойи давомида темир йўл кесишмаларда 30 та поездлар ва автомобилларнинг тўқнашуви қайд этилган бўлиб унда фуқароларимиз турли даражадаги талофотлар кўришган. 

         Йўл кесишмаларидаги тўқнашувларнинг олдини олиш мақсадида мутасадди ташкилотлар вакиллари мунтазам равишда автохўжаликларда, саноат корхоналарида, хусусий автомобил эгалари орасида ҳамда темир йўл яқинида яшовчи автомобил  транспорти бор аҳоли ўртасида, мактаб ва маҳаллаларда, ҳайдовчилар тайёрлаш ўқув масканларида бу борада суҳбатлар ўтказиб келинмоқда. Йўл кесишмалари темир йўлдги юқори хавфли ҳудуд. Буни барча автоулов ҳайдовчилари ёдда тутишлари ва қоидаларга риоя қилишлари шарт.

 

Анвар Душаев
“Ўздавтемирйўлназорат” инспекцияси
Тошкент филиали инспектори